Одам алайҳис-салом қиссаси
Қуръони каримда ёзилишича, Оллоҳ таоло Одам (а.с.) ни тупроқдан-лойдан яратган экан (Сод сураси 38:71)1.
إِذْ قَالَ رَبُّكَ لِلْمَلَـٰٓئِكَةِ إِنِّى خَـٰلِقٌۢ بَشَرًۭا مِّن طِينٍۢ فَإِذَا سَوَّيْتُهُۥ وَنَفَخْتُ فِيهِ مِن رُّوحِى فَقَعُوا۟ لَهُۥ سَـٰجِدِينَ فَسَجَدَ ٱلْمَلَـٰٓئِكَةُ كُلُّهُمْ أَجْمَعُونَ
ОДАМ (A.С.) НИНГ ЯРАТИЛИШИ
Оллоҳ (а.ж.) тупроқдан одам ясаб, димоғига Ўз руҳидан ҳаёт нафасини уфуради ва одам нафас ола бошлайди. Ўшанда ер юзида у кишидан бошқа инсон йўқ эди.2
Кейин Оллоҳ (а.ж.) Адан деган жойда бир боғ яратиб, чиройли ва меваси ширин дарахтлар билан тўлдиради. Боғнинг ўртасида икки дарахт ўсган экан: бири ҳаёт дарахти, иккинчиси эса яхши ва ёмонни билиш дарахти. Оллоҳ таоло Одам (а.с.) ни, боғни парвариш қилсин, деб ана шу ерга жойлаштиради.
Кейин огоҳлантиради: «Боғдаги ҳамма дарахтлар мевасидан еявер. Фақат яхши ва ёмонни билиш дарахтидан ема. Еган куниёқ ўласан!»
То-Ҳо сурасида Оллоҳ таолонинг Одам (а.с.) га шайтон ҳақида огоҳлантириш бергани ёзилган: «Эй Одам, албатта, у сенга ва жуфтингга душмандир. Яна у икковингизни жаннатдан чиқариб, бадбахт бўлиб қолмагин» (20:117).
БИРИНЧИ ПАЙҒАМБАР
Улуғ саҳобалардан Абу Зар (р.а.) пайғамбаримиз (с.а.в.) дан: «Биринчи пайғамбар ким?» деб сўраган экан. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Биринчи мурсал пайғамбар — Одам (а.с.). Оллоҳ уни қўли билан ясади, унга руҳ киритди ва гўзал инсон қилиб яратди», деб айтадилар. Абу Зардан (р.а.) қилинган бошқа бир ривоятда шундай дейилади: «Мен расулуллоҳдан (с.а.в.): «Эй Оллоҳнинг расули, Одам пайғамбарлардан эдими?» деб сўрадим. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Албатта, Одам — биринчи бўлиб Оллоҳ билан бевосита гаплашган пайғамбар», деб жавоб бердилар».3
ҲАЙВОНЛАРГА ОТ БЕРИШ
Ҳазрати Одам жаннати боғни кезар эканлар, жуфт-жуфт бўлиб юрган ҳайвонларни, гала-гала учиб юрган чиройли қушларни томоша қилардилар. Ҳамма нарса жуда гўзал, жуда ажойиб эди.
Худо Ўзи яратган жониворларни Одам (а.с.) нинг олдига келтиради ва у киши ҳаммасига, ҳайвонлару қушларга от4 қўядилар.
Унга етишмай турган биттаю битта нарса — ўзига муносиб шерикнинг топилмагани эди.5
МОМО ҲАВВОНИНГ ЯРАТИЛИШИ
Оллоҳ субҳанаҳу ва таоло, Одамнинг ёлғиз бўлиши яхши эмас, Мен унга муносиб жуфт6 яратаман, деб айтган эди. Одам (а.с.) ҳайвонларга от қўйганларидан кейин, Худо у кишининг биқинидан Момо Ҳаввони (р.а.) яратади.
Ҳазрати Одам Момо Ҳаввони (р.а.) биринчи бор кўрганларида (хурсанд бўлиб): «Бор экан-ку!» деб хитоб қилган эканлар.7
Шундай қилиб, Момо Ҳаввонинг эт-суяги аслида Одам Атодан олинган. Қуръонда айтилганидек: «Эй одамлар!.. Раббингиз сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратган...» (Нисо сураси 4:1). Шу сабабдан инсон никоҳ қурар экан, ота-онасини қўйиб, хотинига пайванд бўлади ва иккови бир танага айланадилар.