100%

Пайғамбарлар тарихи

Бошқа халқларга борамиз

―― ✼ ― ✼ ― ✼ ――

“Биз энди ғайрияҳудийларга борамиз”

Толут ва Барнобо (р.а.) лар тиловатхонадан чиқиб кетаётганларида, у ердаги одамлар: «Келаси шанба яна келинглар, бу ҳақда суҳбат қилайлик», деб илтимос қилдилар. Ибодатга келган бир теъдод яҳудий ва ғайри яҳудийлар саҳобаларнинг орқасидан эргашишди. Саҳобалар улар билан анчагача суҳбат қилиб уларни Худонинг раҳматига таваккул қилишга ундадилар.

Келаси ҳафта шаҳарликларнинг деярли ҳаммаси Оллоҳнинг каломини эшитиш учун тўпландилар. Лекин яҳудий оқсоқоллар кўп одам келганига ҳасад қилиб, Толут (р.а.) ни ҳақорат қилиб, ёлғончига чиқардилар.

Шунда саҳобалар жасурлик билан: «Худонинг Сўзини биз аввал сиз яҳудийларга етказишимиз керак эди, — дедилар. — Сизлар эса уни рад қилиб, абадий ҳаётга лойиқ эмаслигингизни кўрсатдингиз. Биз энди Каломни ғайри яҳудийларга овоза этамиз. Чунки Оллоҳ бизга мана бу амрни берган: “Мен сени миллатлар нури бўл, бутун дунё сен орқали нажот топсин, деб танладим”».

Ғайри яҳудийлар буни эшитиб, хурсанд бўлиб, Худога ҳамду сано айтдилар. Абадий ҳаёт учун танланганларнинг ҳаммаси имон келтирди, Худонинг каломи бутун минтақа бўйлаб тарқала бошлади. Имон келтираётган одамлар шодликка ва Илоҳий Руҳга тўлган эдилар.

Қўнияда

Яҳудий оқсоқоллар шаҳар раҳбарларини ва нуфузли диндор хотинларни саҳобаларга қарши қўзғаб, уларни Антокия шаҳридан ҳайдаб чиқардилар. Толут ва Барнобо (р.а.) лар бунга жавобан чориқларидаги шаҳар тупроғини қоқиб, Қўния шаҳрига кетдилар.

Қўнияга келганларидан сўнг у ерда ҳам бир тиловатхонага кириб Худонинг Каломини айтдилар. Таъсири шунчалик бўлдики, ҳам яҳудийлардан, ҳам ғайри яҳудийлардан жуда кўп одам имонга келди. Лекин бошқа яҳудийлар, саҳобаларни ғайри яҳудийларга ёмонлаб, қарши қилиб қўйдилар.

Толут ва Барнобо (р.а.) лар Қўнияда узоқ вақт бўлдилар, қўрқмай Оллоҳнинг марҳамати ҳақида одамларга ваъз қилдилар. Раббимиз уларга оят-мўъжизалар бериб, айтаётган гаплари ҳақиқат эканини исботлаётган эди.

Шу билан шаҳар аҳли орасида бўлиниш юз берди: баъзилари яҳудий пешволар тарафида бўлса, баъзилари саҳобалар тарафда эди. Кейин яҳудий ва ғайрияҳудийлардан иборат бир тўда келиб саҳобаларни ушлаб тошбўрон қилмоқчи бўлди. Буни эшитган саҳобалар жон сақлаш учун Луқоунияга қочдилар. Листра, Дарба ва ўша минтақадаги қишлоқларга бориб одамларга Хушхабарни ваъз қилдилар.

Толут (р.а.) ни тошбўрон қилганлари

Листрада онадан шол туғилган, ҳеч қачон юрмаган бир чўлоқ киши бор эди. У Толут (р.а.) нинг гапларини диққат билан эшитди. Толут (р.а.) унинг шифо топиш учун имони борлигини кўриб, баланд овозда: «Ўрнингдан тур!» дедилар.

У одам ирғиб туриб, юриб кетди! Буни кўрган халқ маҳаллий тилда: «Булар худолар! Худолар инсон қиёфасида шаҳримизга келибди!» деб бақира бошладилар. Улар Барнобо (р.а.) ни Зевс, Толут (р.а.) ни эса нотиқ бўлгани учун Ҳермес деб ўйлаган эдилар.

Шаҳар ташқарисида Зевс маъбади бор эди. Маъбаднинг руҳонийси оломон билан бирга гулчамбарлар ва ҳўкизлар олиб келиб, шаҳар дарвозасида саҳобаларга қурбонлик сўймоқчи бўлди.

Барнобо ва Толут (р.а.) лар буни эшитгач, кўйлакларини йиртиб одамлар олдига югуриб чиқиб:

«Нима қиляпсизлар? -- деб бақиришди. -- Биз ахир сизлар каби инсонмиз! Биз сизга Оллоҳнинг хушхабарини олиб келдик! Бу беҳуда нарсалардан юз ўгириб, еру осмонни, денгизлару улардаги ҳамма нарсани яратган тирик Худога юз тутинглар, деб даъват қиляпмиз!

Худо ўтмишда ҳамма халқларни ўз ҳолига қўйган бўлса ҳам, Ўзи ҳақида шаҳодат беришни ҳеч қачон тўхтатган эмас. Вақтида ёмғир юборган, вақтида ҳосил етказган, етарлича ризқ бериб, юракларингизни шодликка тўлдирган...».

Шу гаплар билан улар зўрға халқни қурбонлик келтиришдан қайтардилар.

Бир неча кундан сўнг Антокия ва Қўниядан келган баъзи яҳудийлар, одамларни ўз томонига оғдириб, Толут (р.а.) ни тошбўрон қилдирдилар. Ўлди деб ўйлаб, танасини судраб шаҳар ташқарисига олиб бориб ташладилар.

Кейин биродарларимиз келиб, у кишининг атрофига йиғилдилар. Толут (р.а.) ҳушига келиб, ўрнидан турдилар. Шаҳарга қайтиб келиб, эртаси куни Барнобо билан бирга Дарбага қараб йўл олдилар.

Жамоаларга оқсоқоллар тайинлаш

Дарбага келганларидан сўнг, у ерда ҳам Хушхабар айтиб, кўп одамларни расулуллоҳга шогирд қилдилар. Кейин Листра, Қўния ва Антокия шаҳарларини қайта зиёрат қилишди ва йўл бўйи биродарларга далда бериб, имонда маҳкам туришга ташвиқ қилдилар. «Биз Оллоҳнинг Салтанатига кўп қийинчиликлар орқали кирамиз», деб насиҳат қилар эдилар. Йўл бўйи ҳар бир жамоага раҳбарлар тайин этдилар. Рўза ва дуолар билан уларни Оллоҳ таолонинг паноҳига топширдилар.

Кейин Писидия орқали Памфилияга қайтдилар. Паржада Каломни ваъз қилиб, сўнгра Анталияга бордилар. Шундан сўнг Суриянинг Антокиясига денгиз орқали қайтиб келишди. Улар бу хизматга шу ерда танланган ва бу узоқ сафарни шу ердан бошлаган эдилар. Антокияга8 етиб келиб, жамоани бир ерга йиғиб, Худо улар орқали нималар қилганини, ғайри яҳудийларга имон эшикларини очганини айтиб бердилар.