Пайғамбарлар тарихи

Исмоил алайҳис-салом қиссаси

«Ва китобда Исмоилни эсла. Албатта, у ваъдасига содиқ ҳамда Расул ва Набий бўлган» (Марям сураси 19:54).

Соро онамиз Ҳожар Бибини рашк қилар эди. Бу ҳақда кўп олимлар баён этганлар.1 Табарийнинг ёзишича, Соро Биби бир эмас, икки марта Ҳожар онамизни уйдан қувганлар.

Бир куни Иброҳим (а.с.) ўғли Исҳоқнинг сутдан чиқиш муносабати билан катта бир зиёфат берди. Шунда Соро Биби, Ҳожар онамизнинг ўғли Исмоилнинг зиёфатда чақ-чақлашиб ўтирганини кўриб, Иброҳим (а.с.) нинг олдига борди-да: «Ҳожарни ўғли билан бирга ҳайдаб юборинг, чўрининг ўғли менинг ўғлим оладиган меросга шерик бўлмайди», деб талаб қилади.

Бу гапдан расулуллоҳ жуда қаттиқ хафа бўлдилар. Ахир, Исмоил (а.с.) ҳам у кишининг ўғли эди-да! Лекин Оллоҳ расулуллоҳга ваҳий нозил қилиб деди: «Соронинг айтганини қил. Чунки зурриятинг ҳақида берган ваъдам Исҳоқ орқали давом этади. Исмоил ва Ҳожар учун ҳам ташвишланма. Мен уларни сақлайман. Исмоилнинг наслидан катта бир халқ яратаман. Чунки у ҳам сенинг фарзандинг», деди.

Ҳа, бу ҳам Оллоҳдан келган бир синов2 эди. Фарзанддан айрилиш осонми? Ахир Исмоил (а.с.) — Иброҳим пайғамбарнинг тўнғич ўғли эдилар.

ИБРОҲИМ (А.С.) НИНГ ДУОСИ

Қуръони каримда расулуллоҳнинг дуоси ёзилган:

«Эй Раббимиз, ҳақиқатда мен ўз зурриятимни сенинг муҳаррам уйинг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим. Эй Раббимиз, намозда муқим бўлишлари учун, бас, Ўзинг одамлардан баъзи кишилар қалбини уларга талпинадиган қил ва уларни мевалардан ризқлантир. Шояд шукр қилсалар» (Иброҳим сураси 14:37).

Ҳожар Биби билан Исмоил (а.с.) янги манзилга кўчиб келганларидан сўнг Оллоҳ таоло Ўзи уларга ғамхўрлик қилади, ҳифзу паноҳида асрайди. Чўлда булоқнинг пайдо бўлиши ҳам Оллоҳнинг марҳаматига бир далилдир.

ЧЎЛДА БУЛОҚ ЧИҚИШИ

Пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг ҳадисларида ёзилишича, Ҳожар биби Исмоил (а.с.) ни бир бутанинг соясига ётқизиб, мешни бир шохга осади. Ўзи ҳам, боласи ҳам ана шу мешдан сув ичар эдилар.3 Бир муддатдан сўнг сув тамом бўлди.

Сув тугагач, Ҳожар (р.а.): “Боламнинг ўлишини кўрмай”, деб бироз масофа нарига бориб ўтиради.4

Кейин бир тепаликка чиқиб сув излаб атрофга боқади. Бирор товуш эшитармиканман, деб ҳар тарафга тикилади, лекин на бир сес эшитилади ва на бирор кимса кўринади. Кейин чопиб пастга тушади-да кейинги тепаликнинг устига чиқади, у ерда ҳам жавдираб атрофга боқади, лекин ҳеч кимни кўрмайди. Шу тариқа она зор-зор йиғлаб икки тепа орасида сарсон бўлади.5

Шунда Оллоҳнинг фариштаси аён бўлиб: «Ҳожар, Ҳожар, нега йиғлайсан? Қўрқма, додинглар арши аълога етди. Қани тур, болани турғиз! Оллоҳ унинг наслидан буюк халқ яратур», деди.

Оллоҳ ўша ерда улар учун чашма очган, лекин Ҳожар Биби уни ҳали кўраётгани йўқ эди. Бир вақт Худо унинг назарини чашмага қаратди. Қараса сув! Ҳаётбахш сув! Дарров бориб сувдан ичди. Кейин мешни тўлдириб, ўғлига ичирди. Сув адо бўлмас, ердан қайнаб чиқишда давом этарди.

Шундоғ қилиб, Оллоҳ таоло ҳамиша уларга ёр бўлди. Исмоил (а.с.) чўлда ўсиб-улғайиб, моҳир тирандоз бўлдилар. Онаси у кишини кейинчалик мисрлик бир қизга уйлантиради.6