Расулуллоҳнинг самога олиниши
“Қуддусдан кетиб қолманглар”
Расулуллоҳ азоб чекиб ўлганларидан сўнг ўзларининг тирилганликларини, тирик эканликларини кўп ишончли далиллар билан шогирдларига исботладилар. Қирқ кун мобайнида уларга қайта-қайта зоҳир бўлиб, Илоҳий Салтанат ҳақида гапирдилар.
Шу мулоқотларнинг бирида таом устида шогирдларига: «То Оллоҳим Ўз ваъдасини юбормагунча Қуддусдан кетиб қолманглар. Мен аввал ҳам сизларга бу ҳақда гапирган эдим. Яҳё пайғамбар сизларни тавбага “ғарқ қилган”, бир неча кундан кейин эса Оллоҳ таоло сизларни Руҳ ул-қудсга “ғарқ қилади”», деб тайинладилар.
Бир сафар шогирдлари у кишидан: «Устоз, сиз халқимизни энди озод қилиб, давлатимизни тиклайсизми?» деб сўрадилар.
Расулуллоҳ уларга: «Буларнинг вақти-соатини Оллоҳим тайин этади, уларни билиш сизларнинг ишингиз эмас, — дедилар. — Лекин Руҳ ул-қудс келганда қудрат оласизлар ва мен ҳақимда Қуддусда, бутун Яҳузия ва Сомирада, ва ҳатто дунёнинг энг узоқ жойларида шаҳодат берасизлар».
Кейин Оллоҳнинг қудрати билан расулуллоҳ уларнинг кўз олдида осмонга кўтарилдилар, булут ичига кириб ғойиб бўлдилар.
Улар осмонга тикилиб қараб турганларида, бирдан ораларида оқ либосга ўралган икки киши пайдо бўлиб: «Эй жалилаликлар, нега тепага қараб тикилиб турибсизлар? Оллоҳ таоло у кишини Ўз ҳузурига кўтарди. Осмонга қандоқ кетган бўлсалар, бир куни яна шундоғ қайтиб келадилар», деди.
Ўша пайтда улар Зайтун тоғида эдилар. Бир чақирим масофа йўл юриб, Қуддусга қайтиб келдилар ва ўзлари яшаётган болохонага келиб, дуо ва ибодат билан машғул бўлдилар.
Булар Сафвон (р.а.) , Яҳё (р.а.) , Яъқуб (р.а.) , Ражул (р.а.) , Чавандоз (р.а.) , Тўмо (р.а.) , Бартулмо (р.а.) , Атоуллоҳ (р.а.) , Ҳалафийнинг ўғли Яъқуб (р.а.) , фидойи лақабли Сафвон (р.а.) , Яъқуб ўғли Яҳузо ва расулуллоҳнинг укалари ҳамда бир нечта хотин (жумладан расулуллоҳнинг оналари ҳам) бўлиб, мунтазам равишда йиғилишиб, дуо қилаётган эдилар.
Матёснинг саҳобалар сафига қўшилиши
Шу кунлардан бирида, бир юз йигирмага яқин имонли биродарлар тўпланган пайтда Сафвон (р.а.) жойидан туриб дедилар:
«Биродарлар, Яҳузо ҳақида Китобда айтилган сўзлар1 амалга ошди. Аслида у бизлардан биримиз эди, биз каби саҳоба этиб танланган эди. Мазомирда: “Унинг уйи қаровсиз қолсин, унинг ўрнини бошқа одам олсин”, деб ёзилган. Шу сабабдан биз энди унинг ўрнига бошқа бировни — расулуллоҳнинг тирилганига шоҳид бўлган, расулуллоҳ Яҳё пайғамбар қўлида ғусл олган кундан бошлаб, то арши-аълога кўтарилгунча биз билан бирга юрган бир одамни танлашимиз керак».
Биродарлар икки кишини таклиф қилдилар: бири Устус лақабли Юсуф Барсабо, иккинчиси эса Матёс эди. Кейин дуо қилиб дедилар: «Ё Раббий! Ҳар бир инсоннинг қалби Сенга маълум. Булардан қайси бирини хоин Яҳузо ўрнига саҳоба этиб танлаганингни бизларга аён эт».
Сўнг қуръа ташладилар. Қуръага Матёснинг номи чиқди ва у киши ҳам ўн бир саҳоба сафидан жой олдилар.