100%

Пайғамбарлар тарихи

Қувғинлар кучая бошлади

―― ✼ ― ✼ ― ✼ ――

Ғайрияҳудийлар имонга келгани ҳақидаги хабар тезда ҳамма ерга тарқалди. Бу гап ҳаворийларнинг қулоғига ҳам етиб келди ва Сафвон (р.а.) Қуддусга келганида, хатначилар гуруҳи у кишига: «Сен кестирилмаганларнинг уйига бориб улар билан еб ичибсан», деб таъна қилдилар.

Шунда Сафвон (р.а.) бўлиб ўтган воқеаларни уларга бир бошдан тушунтирдилар:

«Мен ўшанда Ёфода дуо қилаётган эдим. Бир пайт кўзимга рўё кўринди. Осмондан тўрт бурчаги осилган катта бир дастурхон тушди. Қарасам, дастурхонда ҳар хил ҳаром ҳайвонлар, калтакесаклар, қушлар бор экан.

Бирдан осмондан: "Тур, хоҳлаганингни сўйиб е!" деган овоз эшитилди.

Мен бўлсам: "Ё Раббим, емайман! Умримда ҳаром нарсани оғзимга еган эмасман" дедим.

Овоз эса менга: "Худо ҳалол қилган нарсани сен ҳаром дема!" деди. Бу нарса уч марта такрорланди, кейин эса дастурхон осмонга чиқиб кетди.

Шу пайтда мен турган уйга уч одам етиб келди. Улар мени Қайсарияга олиб кетиш учун келган элчилар экан. Худонинг Руҳи менга, иккиланмай улар билан бирга бор, деб айтди. Мана бу олти биродаримиз ҳам мен билан борди.

Чақирган одамнинг уйига етиб борганимиздан сўнг, у ҳам кўрган нарсасини бизга айтиб берди. Маълум бўлишича, бир фаришта унга зоҳир бўлиб: «Ёфога одам юбор, у ердан Сафвон деган одамни уйингга чақир, у сенга, сен билан аҳли оиланг қандай қилиб нажот топишини айтади», дебди.

Мен уларга гапира бошлаган эдим, худди биз сингари, уларнинг устига ҳам Худонинг Руҳи нузул қилди. Шунда мен ҳазрати Исонинг: «Яҳё пайғамбар одамларни ғуслга ошно қилди, сизлар эса Руҳга чўмасизлар», деган сўзини эсладим.

Агар Оллоҳ бизга берган айни ҳадяни ғайрияҳудийларга ҳам ато этган бўлса, мен кимманки Худонинг ишига тўғаноқ бўлсам?»

Сафвон (р.а.) нинг бу сўзларини эшитиб ҳамма жим бўлиб қолди. Кейин: «Демак Оллоҳ ғайри яҳудийларга ҳам тавба қилиб абадий ҳаётга киришни ато этибди-да", деб Оллоҳга ҳамду сано айтдилар.

Антокиядаги имонлилар

Мансур тошбўрон бўлгач, қувғинлар бошланди. Имонга кирган одамлар Қуддусдан қочиб чиқиб, Финиқия, Кипр ва Антокиягача бордилар ва у ердаги яҳудийларга (фақат яҳудийларга) Худонинг каломини етказдилар.

Лекин қибрислик ва қирвонлик биродарлардан баъзилари Антокияга келиб, ғайрияҳудийларга ҳам ҳазрати Исо ҳақида гапира бошладилар. Оллоҳнинг қудрати уларга ёр эди ва ғайрияҳудийлардан кўп одам имонга келди.

Қуддусдаги жамоа бу ҳақда эшитгач, ҳаворий Барнобо (р.а.) ни Антокияга юборишди. У киши келиб, Оллоҳнинг марҳаматини кўриб хурсанд бўлдилар ва ҳаммани устозимизга содиқ қолишга ташвиқ қилдилар. Барнобо (р.а.) меҳрибон, Руҳга тўлган имони мустаҳкам одам эдилар. Натижада яна анча одам имонга келди.

Ундан сўнг Барнобо Толут (р.а.) ни излаб Тарсусга боради ва у кишини Антокияга олиб келади. Иккаласи бир йил Антокияда яшаб, кўп одамларга таълим берадилар.

(Расулуллоҳнинг шогирдларига “масиҳчалар”, яъни кичкина масиҳлар деган лақаб биринчи бор Антокияда берилган эди.)

Ўша кунларда бир нечта пайғамбар Қуддусдан Антокияга келди. Улардан бири, Ағобус деган киши мажлис пайти ўрнидан туриб Руҳ илҳоми билан бутун дунёда оғир бир очарчилик4 бўлишини башорат қилди.

Шу сабабли, у ердаги имонлилар ҳар ким ўз қурбига яраша, Яҳузияда яшайдиган биродарларга ёрдам тўплашга қарор қилдилар ва ҳадяларни Барнобо билан Толут (р.а.) орқали Яҳузиядаги жамоат оқсоқолларига жўнатишди.

Қувғинларнинг кучайиши

Ўша кунларда подшоҳ Ҳирудис жамоатга қўшилган одамларни ҳибсга ола бошлади.

Яҳё (р.а.) нинг акаси Яъқуб (р.а.) ни қиличлаб ўлдирди. Кейин, яҳудий имомларининг бундан хурсанд бўлганини кўриб, Сафвон (р.а.) ни ҳам Қурбон ҳайитда ушлаб зиндонга ташлади. Қўриқлаш учун ҳар бирида тўрттадан аскар бўлган тўрт гуруҳни соқчи қилиб тайинлади.

(Ҳирудис: “Байрам ўтсин, байрамдан кейин уни халқ олдига олиб чиқиб тергов қиламан”, деб ўйлаган эди.)

Сафвон (р.а.) зиндонда экан, жамоа у учун тинмай Худога дуо қилаётган эди.

Байрам ҳам ўтди. Лекин суд бўлишдан бир кун олдин, тунда қизиқ бир воқеа содир бўлди. Сафвон (р.а.) икки аскарнинг орасида занжирланган ҳолда ухлаб ётган эдилар. Зиндон эшиги олдида ҳам қоровуллар турган эди.5

Бир вақт бирдан ҳужранинг ичи ёриди ва Оллоҳнинг фариштаси зоҳир бўлиб, Сафвон (р.а.) нинг биқинини ниқтади: «Тур, тез бўл!»

Шу заҳоти Сафвон (р.а.) нинг қўлидаги занжирлар узилиб ерга тушди.

«Белбоғингни боғла, чориғингни кий». Сафвон (р.а.) айтилгандек қилдилар. Фаришта кейин: «Чойшабингни6 ёпиб орқамдан юр!» деб буюрди.

Сафвон (р.а.) фариштага эргашиб, зиндондан чиқди. Кетар эканлар, у киши "мен туш кўряпман", деб ўйлар эдилар.

Биринчи ва иккинчи қоровулхонадан ўтиб, кўчага олиб чиқадиган темир дарвозага келдилар. Дарвоза ўз-ўзидан очилди. Ташқарига чиқиб кўчанинг охирига келганларида фаришта бирданига ғойиб бўлди.

Шунда Сафвон (р.а.) ўзига келиб: «Раббимиз дарҳақиқат фариштасини юбориб, мени Ҳирудис билан яҳудийларнинг қўлидан қутқарибди!» дедилар ва Яҳё Миррихнинг онаси Марямнинг уйига бордилар.

У ерда анча одам дуо учун йиғилган эди. Дарвозани тақиллатган эдилар, Рудо деган хизматкор қиз: «Ким?» деб ташқарига чиқди. Сафвон (р.а.) нинг овозини таниб қувониб кетди ва дарвозани очиш ўрнига ичкарига қараб югуриб ҳаммага: «Сафвон биродаримиз келди!» деб хабар берди.

Улар ишонмай: «Нима деяпсан, ақлинг жойидами?» дер эдилар. Қиз гапини такрорлайвергач, «Балки унинг фариштаси келгандир», дедилар.

Бу пайтда Сафвон (р.а.) дарвозани чертишни давом эттирар эдилар. Ниҳоят келиб дарвозани очдилар. Очдилару у кишини кўриб ҳайрон бўлиб қолдилар. Сафвон (р.а.) уларга жим бўлинглар деб ишора қилдилар ва нима бўлганини, Худо зиндондан қандай олиб чиққанини гапириб бердилар. Кейин: «Буни Яъқубга ва бошқа биродарларга айтинглар», деб бошқа жойга кетдилар.

Эртасига зиндонда катта ғавғо кўтарилди. Ҳирудис, Сафвон (р.а.) ни топинглар, деб фармон берди. Тополмагандан сўнг, қоровулларни сўроқ қилиб, қатл этди.