100%

Пайғамбарлар тарихи

Яҳудийлар суиқасди

―― ✼ ― ✼ ― ✼ ――

Эртаси куни у Толут (р.а.) ни кишанлардан озод қилди ва руҳонийларга Олий Кенгаш чақиришни буюрди. Кейин Толут (р.а.) ни ҳам у ерга олиб борди.

Толут (р.а.) Кенгаш аъзоларига диққат билан қараб: «Биродарлар, мен Худонинг олдида виждонимни тоза сақладим», дедилар.

Шунда олийруҳоний Ҳаноё Толут (р.а.) нинг ёнида турганларга: «Унинг оғзига уринглар», деб буюрди.

Толут (р.а.) дедилар: «Эй оқланган девор, Худо сизни уради! Сиз қандай қозисизки, қонунга хилоф равишда мени уришга буюрасиз?»

Толут (р.а.) га ёнида турган одамлар: «Олийруҳонийга ҳам шундай муомала қиладими?» деб танбеҳ беришди.

«Биродарлар, мен у кишининг олийруҳоний эканини билмабман, — дедилар Толут (р.а.). — Каломда халққа раҳбар бўлганни ёмонлама, деб ёзилган».

Олий Кенгаш аъзоларининг бир гуруҳи садуқийлар, бир гуруҳи фарисийлар эди. Буни кўрган Толут (р.а.) баланд овозда: «Биродарлар, мен фарисийман. Ота-боболарим ҳам фарисий ўтган. Ўликларнинг тирилишига ишонаман. Бугун мана шу эътиқодим учун мени суд қилишяпти», дедилар.

Шундан сўнг Кенгаш иккига бўлинди: садуқийлар, фарисийлардан фарқли ўлароқ, ўлимдан кейинги ҳаётга ҳам, фаришталарга ҳам, руҳларга ҳам ишонмас эди. Ўртада баҳс бошланиб, шундай катта бир ғавғо кўтарилдики, ғазабланган баъзи фарисий олимлар: «Бу одамда ҳеч қандай хато йўқ, биронта руҳ ё фаришта билан гаплашган бўлса гаплашгандир», деб Толут (р.а.) ни оқлай бошлади.

Жанжал шунчалик зўрайдики, қўмондон: «Уни тилка-пора қилиб ташламасин», деб қўрқиб аскарларига Толутни қалъага олиб боришни буюрди. Ўша куни кечаси расулуллоҳ Толут (р.а.) га кўриниб: «Қўрқма, сен ҳали Румда ҳам мен ҳақимда гувоҳлик берасан», дедилар.

Қирқ яҳудийнинг суиқасди

Эртасига эрталаб бир гуруҳ яҳудийлар йиғилиб: «То Толутни ўлдирмагунча ҳеч нарса емаймиз ҳам, ичмаймиз ҳам!» деб қасам ичдилар. Уларнинг сони қирқдан ортиқ эди.

Кейин улар руҳонийлар ва оқсоқоллар олдига бориб: «Биз уни ўлдирмагунча ҳеч нарса емаймиз, деб қасам ичдик, — дейишди. — Сизлар Олий Кенгаш аъзолари билан қўмондоннинг олдига боринглар. Толутни яна Кенгашга юборинг, биз унинг масаласини батафсил кўриб чиқмоқчимиз, деб илтимос қилинглар. Йўлда келаётганида биз уни ўлдирамиз».

Лекин Толут (р.а.) нинг жияни уларнинг гапидан хабар топиб, қалъага борди-да тоғасига эшитганларини айтди. Толут (р.а.) юзбошилардан бирини чақириб: «Мана бу йигитни қўмондоннинг олдига олиб бор, айтадиган гапи бор», дедилар.

Юзбоши уни қўмондоннинг олдига олиб борди ва қўмондон Толутнинг жиянини бир четга тортиб: «Нима гап?» деб сўради.

«Эртага яҳудийлар олдингизга келиб, тоғамни Кенгашга юборишингизни сўрайди. Лекин сиз уларга ишонманг. Чунки йўлда қирқдан кўп одам тоғамни пойлаб турибди. Улар: "Уни ўлдирмагунча ҳеч нарса емаймиз ва ичмаймиз", деб қасам ичган».

Қўмондон: «Бу гапларни менга айтганингни ҳеч ким билмасин», деб йигитга кетишга рухсат берди.

Толут (р.а.) нинг Қайсарияга жўнатилиши

Кейин юзбошиларидан иккитасини чақириб: «Оқшом соат тўққизда Қайсарияга бориш учун икки юз пиёда аскар, етмиш отлиқ ва икки юз найзадор аскар тайёрланглар, — деди. — Толутга ҳам миниши учун от ажратинг. Уни соғ-саломат ҳоким Феликснинг қарамоғига топширинглар».

Кейин ҳокимга мана бу мактубни битди:

Кладиюс Лисюсдан

муҳтарам ҳоким Феликсга

Саломимни қабул қилинг.

Қўл остингизга юбораётганим мана бу одамни яҳудийлар ушлаб, ўлдирмоқчи бўлиб турганларида, аскарларим билан етиб келиб қутқардим. Чунки Рум турғуни экан. Жинояти нима эканини аниқлаш учун уни Олий Кенгашга олиб бордим. Маълум бўлдики, даъволари ўзларининг диний ақидалари устида экан. Ҳибсга олишга ёки ўлим жазосига маҳкум қилишга лойиқ бирон иш қилмаган. Энди эса уни ўлдириш учун суиқасд уюштирганларини эшитиб, уни ҳузурингизга юбордим. Даъвогарларига ҳам сизнинг қабулингизга бориб арз қилишларини буюрдим».

Салом билан,

Кладиюс Лисюс.

Ўша куни тунда аскарлар Толут (р.а.) ни Антипатрис шаҳрига олиб бордилар. Эртасига эрталаб пиёда аскарлар қалъага қайтди, отлиқлар эса Толут (р.а.) билан бирга Қайсарияга кетдилар.